ҚИЗИМ АЛИМБЕКОВА ЗАРНИГОР ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ МИГРАЦИЯ ВА ФУҚАРОЛИКНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҚ ЎРИНБОСАРИ А. Б. САЙФУЛЛАЕВГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИШЛАРИНИ СЎРАБ БОШ ПРОКУРОР ОТАБЕК МУРОДОВГА ШИКОЯТ ЁЗДИ…

Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси тизими ходимлари шунақа – каландумоғ.
Ўзлари орган одами. Аммо суд-ҳуқуқ тизимини мирламайди.
Тумшуқларига хода етмай қолган.
Шу сабаб ҳам бугун жавобгар сифатида судга чақиртирилган бўлишига қарамасдан, бу орган ходимларининг вакили судда ҳозир бўлмади…
Энди Шавкат Мирзиёев танобини тортиб қўйиш навбатини “ОВИР” одамларига қаратса бўларди.
Гап шундаки, менинг фаолиятимни деб қизим Алимбекова Зарнигор Авазовнага 5 йилдирки ҳорижга чиқиш визаси – стикер берилмайди.
Яқингинада мамлакат президенти Мирзиёев минбардан туриб “Қанчадан қанча кадрларимизни бой бердик. Бугундан эътиборан фарзанд ота-онасининг иши учун жавоб бермайди” дея ваъда қилганди.
Бироқ, бу ваъда ҳали ҳаётга тадбиқ этилган эмас…. Ҳозирча ҳавода муаллақ турибди.
Буни қизим Алимбекова Зарнигорга қўлланилаётган ҳақсизликлар орқали исботлаб беришим мумкин:
2014 йилдан буён илгариги Ҳорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш, ҳозирги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими деб аталувчи ташклиотга қизим Алимбекова Зарнигор Авазовна 4 маротаба ариза топширди: ҳар гал мазлама-ю сунсила! Анкетда тўлдир, маҳаллага муҳир урдир, бож тўла….
Ҳар сафар ноумид қилишади.
Ҳар гал бир хил жавоб: “Алимбекова, сизнинг чет элга чиқишингиз мақсадгам увофиқ эмас деб топлиган”, “Алимбекова, сизнинг ҳорижга чиқишингиз ваколатли идора ходимлари томонидан чеклаб қўйилганлигини маълум қиламиз”… ва ҳоказо…
Аввалига ОВИРдагиларнинг бунингдек бебошлиги хусусида Ислом Каримовга хўўп ёздим, кўўп ёздим. Отамиз менинг шикоят аризаларимда ўлиб қутилди чамаси…
Шавкат Миромонвоич президентлик курсисига келгач, илк гапини “ОВИР”ни бекор қилиш ваъдасидан бошлаб қолганларида роса суюндим.: Битта бошоғриғидан қутиладиган бўлибман-да!
Шавкат Миромонович 2018 йилдан чет элга чиқиш визаси – стикерга чек қўйилишини айтганди!
Шундай бўлса-да, 2017 йилнинг 24 февраль куни Алимбекова Зарнигор Тошкнет шаҳар Чилонзор туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига яна анкета – ариза топширганди.
Шоввозлар нақд 5 ой паспортини қайтариб беришмади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига арз қила-қила 5 ойдан ўтганда қизим фуқаролик паспортини зўрға қайтариб олди. Паспортига қўшиб “ОВИР”дагилар бир парча жавоб хатини ҳам қистириб қўйишибди: “Алимбекова, Сизнинг чет элга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас деб топилган”миш!
Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси ҳам қолмади, Бош прокурор ҳам, Сенат ҳам, Олий Мажлис ҳам: “Алимбекованинг Конституция билан белгилаб қўйилган эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи нега ҳеч бир сабабсиз топталмоқда? Асослаб беринг” деб ёзаберишдан қўллар қавариб кетди….
Натижаси бир қолипдаги жавоблар: “ Алимбекова, сизнинг чет элга чиқишингиз таъқиқланади!”
Биз ҳам қўя қолмадик: “Сабабини изоҳлаб беринг” деб туриб олдик.
Ва буни қарангки, сўровимизга жавобан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиқ ўринбосари А. Б. Сайфуллаев имзоси билан 25.07.2017 йилда №27/10-719 ВМ-сонли, 31.07.2017 йилда №27/10-719 МВ сонли бир қолипдаги айнан бир хил кўчирма жавоб хатларини олдик.
Сайфуллаев ўз жавоб хатида “Алимбекова, …Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.1995 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Републикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 8-сонли қарорининг III бўлим, “з” бандига кўра Сизнинг чет элга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас деб топилганлигини маълум қиламиз” деб ёзибди.
Назаримда, Сайфуллаев ўзидан ўзга барча фуқароларни қонунни тушунмайдиган оми деб ўйлайди чамаси.

Кейин мен ўша Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиқ ўринбосари А. Б. Сайфуллаев рўкач қилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.1995 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Републикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 8-сонли қарорини топиб, III бўлим, “з” бандини ўқиб кўрсам, Сайфуллаевнинг юмолоқ-ёстиқ қилиб ёлғонларга қоришилган жавоб хати битиб, жўнатганлигига гувоҳ бўлдим.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиқ ўринбосари А. Б. Сайфуллаев рўкач қилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.1995 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Републикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 8-сонли қарорининг III бўлими “з” банди “III. Чет элга бориш ҳуқуқидаги чеклашлар” деб аталади.
Мазкур III бўлимнинг “з” бандида эса мана шундай деб ёзилган: “… з) агар шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлигида ёки Ташқи ишлар вазирлигида ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтда келган мамлакати қонунларини бузганлиги (қонун бузилишлари рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) тўғрисидаги ахбороти, шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд бўлса — ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб икки йил ўтгунга қадар” ҳорижга чиқиш ҳуқуқи чекланиши белгилаб қўйилган.
Қизиғи шундаки, қизим Алимбекова Зарнигор Авазовна умрида бирорта бир хорижий мамлакатга чиқмаган, ҳеч қачон чет элда бўлмаган. Тошкент-Самарқанд йўналишидан ўзга йўлни кўрмаган.
Тўғри, қизим 17 ёшлигида “Ҳиндистонга сайёҳлик сафарига бориш мақсадида” деб бир бора ҳорижга чиқиш учун рухсатнома олгани рост.
Бироқ, ўшанда дадаси “Ёш қизни бир ўзини ёлғиз чет элга чиқариб нима қиласан? Ҳали дунё кезишга улгуради, керак эмас” деб рухсат бермаганди. Қолаверса, то Зарнигор ҳорижга чиқиш стикерини олгунига қадар Ҳиндистонга сайёҳлик сафарининг нарх-навоси ҳам чақадиган даражада кўтарилиб кетган экан… Дадасининг қаршилиги айни муддао бўлиб, ортиқча чиқимдан қутилиб қолгандим ўшанда… Қизим Ҳиндистонга бора олмасдан армонда қолганди…

Ажабо, қизим Зарнигор умрида бирорта бир ҳорижий давлатга бормаган бўлса, қандай қилиб ўзи бормаган, бўлмаган мамлакат қонунларини бузган бўлиши мумкин?
Зарнигор 23 йиллик ҳаёти давомида ҳорижга чиқмаган бўлса, қонун моддасида таъкидланганидек, “… чет элда бўлган вақтда келган мамлакати қонунларини бузганлиги (қонун бузилишлари рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) тўғрисидаги ахбороти, шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд” бўлган бўлиши мумкин?!
Набунча ёлғонни ямламай ютади-я булар?!
Мен ва қизим виртуал қабулхонага арз қилаверганмиз, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиқ ўринбосари А. Б. Сайфуллаев жаноблари президент Мирзиёевни қулоғига лағмон илиб, ёлғон-яшиқлардан иборат жавоб хатларини жўнатаверган!
Бу қанақаси бўлди?!
Бунақнаги ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қимладиган мутасадди ўз лавозимига муносибми?

Жаноб Сайфуллаевнинг жиноятини тасдиқловчи далил қўлимизда.
Шу сабаб мен ҳам, Зарнигор ҳам Сайфуллаевнинг жинояти хусусида президентнинг виртуал қабулхонасига, Бош прокурорга қайта-қайта хабар бердик.
Бироқ, жавоби яна эски тос, эски ҳаммом: Менинг шикоят аризаларимга жавобан 2017 йилнинг 28 сентябрь куни Чилонзор туман прокурор ўринбосари А. А. Камиловдан “Важлар ҳар томонлама тўлиқ урганилсин…” деган мазмундаги жавоб хати Республика Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.У. Шорихсиевга, нусхаси менга юборилди.
Шунингдек, Республика Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Б. У. Шорихсиев имзоси билан 2017 йилнинг 30 октябрь куни “Фуқаро Алимбекованинг чет элга чиқиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган… 6 ойдан кейин қайта ариза топширишингиз мумкин” қабилидаги бир қолипдаги жавоб хати келди.
Бироқ, Сайфуллаев отлиғ масъул мансабдор шахснинг ёлғон жавоб хати –жинояти хусусида ҳеч бир ваколатли ташкилот “ғинг” дегиси келмайди.
Ишқилиб, қарға-қрағанинг кўзини чўқимас экан-да-эй, хуллас!.
Бироқ, йиқилган курашга тўймайди деганларидек, қизим Алимбекова Зарнигор Авазовна Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасини судга берган эди.
Суд ишни бугунга, 2018 йилнинг 2 мрат куни соат 16.00 га белгилаган эди.
Минг афсуски, иккинчи томон, Чилонзор туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси вакили судда ҳозир бўлмаганлиги сабабли суд иши бошқа кунга қолдирилди.

Жаноб Сайфуллаевнинг жиноятини исботловчи далил қўлимизда бўлганлиги сабабли ҳам Алимбекова Зарнигор Авазовна бугун Мирзиёевнинг ишончи ортидан Бош прокурор лавозимини эгаллаган ёш кадрга – Муродов Отабек Бахритдиновичга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиқ ўринбосари А. Б. Сайфуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 205-моддаси – Хокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 206-моддаси – Хокимият ёки мансабдор ваколати доирасидан четга чиқиш, 207-моддаси – Мансабга совуққонлик билан қараш, 208-моддаси – Хокимият харакатсизлиги, 209-моддаси – Мансаб сохтакорлиги каби бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатиш борасида шикоят ёзишга мажбур бўлди.
Воқеалар ривожини кузатамиз!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

About HIMOYAUZ 357 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*