ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ОЛТИНСОЙ ТУМАНИ
ДУҒОБА МАҲАЛЛАСИДА ЯШОВЧИ
1990 ЙИЛДА ТУҒИЛГАН
АБДУРАХМОНОВА БАҲРИГУЛ ТОМОНИДАН

И Л Т И М О С Н О М А
2016 йилнинг 3 ноябридан қамоқда сақланиб, ҳозирги даврда Навоий вилоятида жазо муддатини ўтаётган маҳкум, турмуш ўртоғим 1983 йилда туғилган Шерқобилов Норқобил Мингқобиловични афв қилишингизни сўраш борасидаги ўтинчим

Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Мен сизнинг ҳар доим зангори экран орқали хайрли ишлар қилаётганингизга, халқимиз учун адолатли сиёсат юритаётганингизга минг бора ишонган ҳолда, зора менинг ҳам арзимга қулоқ солиб, менинг турмуш ўртоғим, 2 нафар вояга етмаган фарзандларимнинг отаси Шерқобилов Норқобилни ҳам 2018 йил Наврўз байрамида совға сифатида болаларининг бағрига қайтарармикнасиз деган илинжда ўтинмоқдаман.
Мен 2012 йилда Н. Шерқобиловга турмушга чиққанман. Турмушга чиққунга қадар ҳам у киши билан бир қишлоқда яшаб, ўсиб-униб, у киши тўғрисида ёмон гаплар эшитган эмасман.
2017 йил 10 май куни Сурхондарё влиояти суди томонидан Шерқобилов Норқобил ЎзРесЖКнинг 159-моддаси 1-қисми ва 244 “2” моддани 1- қисми билан айбли деб топилиб, 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум этилди.
Гёки эрим ҳали вояга етмай жиноят кўчасига кириб, диний оқимга эргашиб, кўчаларда варақа тарқатган эмиш. Афсуски, мен бир қишлоқда яшаб, бу ҳақда эшитмаган эканман.
Аламли томони шундаки, судда гувоҳ тариқасида чақирилиб сўралганда бирорта гувоҳ варақа тарқтаганлигини кўрдим деб кўрсатма бермади.
Ҳатто ўша машъум 2016 йилнинг 3 норябрь куни орган ходимлари тинтув ўтказиш учун уйимизга келиб тинтувни бошламасларидан электр чироғи ўчиб қолди. Шунда қонун идоралари ходимлари “Топилган адабиётларни жойлаштирамиз. Солишга сен бориб бирорта пакет топиб келгин” дея эримни уйдан чиқариб юборишганди. Турмуш ўртоғим пакет топиб келгач, орган одалмари адабиётларни битта пактега жойлаштиришди. Аммо мен “Ислом низоми” китобчасини свет ўчиб қолганидан, эримни пакет топиб келишга чиқариб юборишганларидан фойдаланиб орган одамларининг ўзлари тиқиштириб қўйганликларига аминман.
Яна бир ажабланарли томони шундаки, тинтув ўтказиб, адабиётларни пакетга жойлаб бўлганларидан кейингина орган одамлари ҳамсояларимизни холис сифатида чақиришди. Ва ўша заҳоти, яъни 2016 йилнинг 3 ноябрь куни турмуш ўртоғим Норқобилни олиб кетишди ва уни Термиз шаҳридаги халқ тили билан айтганда “Дайдихона”да то судга қадар ғайриқонуний тарзда сақлашди.
Орган одамлари ўзлари ўйлаб топган айбловни бўйнига олиши учун турмуш ўртоғимни “Дайдихона”да мисилсиз азоблаганлар. Эримга кўрстаган ўқубатларини тил билан ифодалаб бўлмайди. Турмуш ўртоғим Шерқобилов Норқобилга нисбатан қўлланилган қийноқлар хусусида турмуш ўртоғимнинг акаси Ғ. Шерқобилов Сизга шикоят ариза билан бир неча бор мурожаат ҳам қилган эди.
Минг афсуски, бирор бир жавоб ололмадик.
Турмуш ўртоғимни қамоқ жазосига ҳукм қилган Сурхондарё вилоят суди эса эримга жазо муддатини 2017 йил 28 январдан бошлаб ҳисоблаганига хўрланиб кетдик.
Аслини олганда, амалда турмуш ўртоғим 2016 йилнинг 3 ноябридан бошлаб “Дайдихона”да 89 кун ноқонуний тарзда хибсда тутиб турилгани суд эътиборидан четда қолди. Судья ҳукмда 89 кунни инобатга олмади. Ваҳоланки, қонунчиликда бир кун 3 кунга ўтиши зарур эди. Бу борада адвокатимизнинг касасция шикоятлари ҳам наф бермади.
Ҳурмтали Президент!
Турмуш ўртоғим шерқобилов Норқобил миришкор деҳқон эди.
Умри бўйи пахтазоридан, ғаллазоридан бошқа ерни кўрган банда эмас. Тошкентга ҳам қадами етмаган инсон эди. Умри пахта, ғалла етиштириб, экинларга меҳр бериб ўтган одам.
Эрта тонгда хўроз қичқирмасдан далага кетар ва болалар уйқуга ётганида экинзорлар орасидан чиқиб келарди. Шўрлик турмуш ўртоғимнинг еридан, пахтазоридан ортиб қандайдир оқимларга киришга ҳам, варақа тарқатишга ҳам мутлақо фурсати бўлган эмас. Танглайи меҳнат билан кўтарилган йигит эди эрим.
5 маҳал номоз ўқиши, саждага бош қўйиши жиноят бўлмаса керак?
Болаларимнинг отасига диний оқимга қўшилган деган айблов, 159-модда деган балолар қаердан ёпишганига ҳам ҳайронман.
Эрим Шерқобилов Норқобил сиёсат нима тушунмас, сиёсат деган нарсаларга ҳам аралашган одам эмас ҳаёти давомида.Жайдари қишлоқ боласи эди…
Эримдан пахтани сўранглар, ғаллани сўранглар, ернинг тилини, ҳосилдорликни сўранглар, жавоб бериши мумкин. Аммо ҳукуматни ағдариш деган балоларга ақли сира етмайди ва етган ҳам эмас.
Эрим шўрлик ҳали ҳамон нима учун қамалиб қолганининг туб моҳиятини англолмай, ҳалак.
Орган одамлари “Ташаккурнома”лар олиш, юлдузчаларини кўпайтириш илинжида эримга 159- моддани босишди, умр йўлдошимдан диний оқим одамини ясашди. Эрим Шерқобилов Норқобилдан жиноятчи ясаш орган одамлари учун осон бўлган эмас. Бунинг учун улар иродали эримнинг бошига ит азобларини солишди, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларни қўллашди ва иродасини синдиришга, ўзлари истаган кўргазмаларни олишга муваффақ бўлишди.
Ўз навбатида суд ҳокимияти ҳам бирорта бир гувоҳ, бирор бир “кўрдим, эшитдим, гувоҳи бўлдим” деган гувоҳлик кўрсатмаси бўлмаса-да, эримга “яхшигина” қамоқ муддати бериб юборди. Ҳатто ғайриқонуний ушлаб турилган 89 кунни ҳам инобатга олмади.
Бўлар иш бўлди, бўёғи сингди…
Менингдек қўли калта, оиласи ночор аёл икки дунёда ҳам ноҳақ қамалиб кетган эрини оқлаб олорлмайди, буни биламан.
Умр йўлдошимнинг оқланишига амал илинжида ундан давлатга қарши жиноятчи ясаган қонун яловбардорлари асло йўл қўйишмаслигини ҳғам биламан.
Шу сабаб эримнинг оқланиб чиқишидан умидимни аллақачонлар узиб бўлганман, тақдиримга тан берганман.
Аммо…
Умр йўлдошимни болаларининг бағрига қайтишини истайман.
Бунинг учун, муҳтарам Президент, турмуш ўртоғим, мен ва бнорасида гўдакларим сизнинг муравватингизга муҳтожмиз.
Эримнинг болалари бошига қайтиши учун сизнинг афвингиз керак, муҳтарам шавкат миромонович!
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сиз юртбошимиздан ўтиниб сўрайман, оилавий шароитимизнинг оғирлигини, икки нафар норасидамиз борлигини, кекса қайнонамнинг куну тун сел каби оқаётган кўз ёшларини инобатга олишингизни, Наврўз айёмларида, яхшилик ва янгилик кунларида, Янги йилимизнинг бошланиш онларида турмуш ўртоғим Шерқобилов Норқобилни афв қилиб, озодликка чиқаришингизни, оиласизнинг, фарзандларимизнинг бағрига қайтаришингизни илтимос қиламан.
Илло, оила аъзоларимиз билан умр бўйи дуои жонингизни қилиб ўтамиз.

Умид билан маҳкум Шерқобилов Норқобилнинг турмуш ўртоғи Абдураҳмонова Бахригул.
19 февраль, 2018 йил.

About HIMOYAUZ 357 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*