ТАКЛИФЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ БИЛДИРИЛМОҚДА

  • Адолатни қарор топтириш ташкилоти Ташаббус гуруҳи” фаолиятидан!

 

ТАКЛИФЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ БИЛДИРИЛМОҚДА

 

Аввалдан хабарлаб келаётганимиздек, “Ташаббус гуруҳи” томонидан қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалаларига доир бир қатор таклифлар электрон тармоқларда ёритилиши билан бир қаторда мамлакат Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил-ОМБУДСМАН орқали Олий Мажлис Сенатига ва Қонунчилик Палатасига, шунингдек, Бош Прокурорга ёзма мурожаат шаклида топширилганди.

Биз ўз таклифларимизда:

  1. МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ! Бу (рамзий маънода!) Комиссия таркибига Адвокатлар, прокурорлар, судьялар билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ мамлакатдаги нодавлат ҳамда Халқаро  ташкилотлар вакиллари ҳам киритилсалар, кўзланган мақсад – АДОЛАТНИ ТИКЛАШ қисқа муддатда ижобий ва сифатли амалга ошади!

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятини айбловлар таркибига қараб гуруҳлантириш лозим. Демоқчиманки, ижод ва ҳуқуқ соҳаларидаги фаолияти учун таъқибга олиниб, уйдирма айблов билан ҳукм қилинган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркиби Диний йўналишдаги фаолияти учун қамалган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркибидан фарқланиши табиий! Чунки ижод ва ҳуқуқ соҳаларидаги фаолияти учун таъқибга олиниб, уйдирма айблов билан ҳукм қилинган Шахсларга оид ишларда Диний уламолар иштироки талаб этилмайди.

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятида самарадорликни кафолатлаш ва ошириш учун мамлакат вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон марказларида малакали юристлардан иборат (худди халқ қабулхоналарига ўхшаш!) ҳайъатлар ташкиллаштириш талаб этилади!

Бу-жуда масъулиятли ва ўта машаққатли вазифа! Масъулиятлилиги шундаки, бу фаолият Инсон шаъни, қадр-қиммати билан боғлиқ! Мамлакат Конституцияси принципига кўра бу- ОЛИЙ ҚАДРИЯТ саналади! Машаққатлилиги шундаки, ХОЛИСЛИК талаб этилади! Шу баробарида бажарилиши шарт бўлган жараён ҳамдир! Зеро, айнан шу жараён замирида Ўзбекистон Давлати ва Раҳбариятининг жаҳон саҳнидаги обрўси-нуфузи турибди!

  1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига  Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва мамлакат Конституцияси принципларига асосланган тарзда:

а) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун қонун доирасида барча шароитлар билан таъминланади;

б) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум, уларнинг яқинлари ўз хоҳиш-ларига кўра касбидан қатъий назар Ишончли вакил тайинлаш ҳуқуқига эга;

в) ишончли вакил шахси ва “Ишончнома” нотариал тасдиқланиши фаолият кўрсатиш учун асос ҳисобланади;

г) адвокат ёллаганлик мазкур ҳуқуқни чеклашга ҳамда ишончли вакил фаолиятига чегара қўйилишига сабаб бўла олмайди деган мазмунда қўшимча киритилиши бугунги куннинг муҳим талаби бўлиб турибди. Шунингдек, “Ишончли вакил”нинг  ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун билан аниқ белгилаб қўйилиши керак

деган эзгу ва Конституциявий принципларга тўлиқ мувофиқ аниқ фикрларни далиллаб келтирган эдик.

Мазкур таклифларимиз юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил-ОМБУДСМАН (28.05.2018 й., № 01-08/3000р-сонли, У. Муҳаммадиев имзолаган)дан, Олий Мажлис Сенати (Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б. Матмуратов имзолаган, 2018 йил 11 июнь, 06/4185-сонли)дан ва Қонунчилик Палатаси(Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитаси раис ўринбосари Т. Абдусаттаров имзолаган 13.06.2018 й., № 06/1-06/3178-сонли) дан, шунингдек, Бош Прокуратура(Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи в. Адлия катта маслаҳатчиси Б. Б. Тоштемиров имзоси билан 2018 йил 17 июнь, 16/10-18-5539-сонли)дан жавоб хатлари олинди.

“Ташаббус гуруҳи” раҳбари Д. Саидов (Дилмурод Саййид) номига келган жавобномалар асосан ижобий мазмунда бўлиб, мамлакат Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси тегишли масъуллари ўз жавобларида :

“…Сизнинг қонун ва қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш ҳақидаги таклифларингиз Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Таклифларингиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасидаги депутатларнинг мазкур соҳадаги қонун ижоддкорлиги фаолиятида кўриб чиқилиши маълум қилинади”

“Сизнинг… мурожаатингиз Сенат томонидан кўриб чиқилди.

Йўллаган таклиф ва фикрларингиз учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз.

Шу билан бирга, Сизнинг миллий қонунчилигимизни такомиллаштиришга оид таклифларингизсуд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда улардан келгусида фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида маълум қиламиз.”-деган муносабатларни баён қилишган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Парламенти масъулларининг жавобларидан фарқли ўлароқ Бош Прокуратура (Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи в. Адлия катта маслаҳатчиси Б. Б. Тоштемиров имзоси билан 2018 йил 17 июнь, 16/10-18-5539-сонли)дан олинган жавоб мутлақо тушунарсиз бўлди.  Жавобдан кўчирма:

Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари

адлия маслаҳатчиси С. А. Бердиалиевга

Мурожаатни юбориш ҳақида

Сизга, фуқаро Д.Саидов ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилига йўллаган мурожаати кўриб чиқиб, қонуний ҳал қилишлик учун юборилмоқда.

Мурожаатда кўрсатилган важларни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқиб, натижаси ҳақида қонунда белгиланган муддатда муаллифга маълум қилишингизни сўрайман.

Илова: 19+1 варақда.

…”

Мазкур жавобноманинг тушунарсиз бўлганлиги шундаки, “Ташаббус гуруҳи” томонидан топширилган мурожаат ва ҳужжатлар орасида ҳал этилиши жиҳатидан Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари ваколатига кирувчи бирор таклиф борлигини эслай олмадик. Шу боисдан ҳам ҳозирча мазкур жавоб хати юзасидан кенгроқ тўхталишдан сақланамиз. Ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича ВАКИЛ (ОМБУДСМАН) У. Н. Муҳаммадиев Бош Прокуратурадаги масъулларга  ўз муносабатларини билдиради, деган ишончда қолишни мақбул санадик. Зеро, бизнинг Мурожаатномамиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича ВАКИЛ (ОМБУДСМАН) У. Н. Муҳаммадиев томонидан Расман 28.05.2018 й., № 01-08/3000р-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О. Б. МУРОДОВ номига йўлланган.

Фақат аниқ айтишимиз мумкинки, тез орада Бош Прокуратура айрим масъуллари- Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёев таъбири билан айтганда, “бу ғўдайган прокурорчалар”нинг бундай маъносиз “Диспетчер”лик фаолияти билангина чекланиб иш юритишлари хусусида батафсил, инкор этиб бўлмайдиган далиллар асосида мақола ёритиш мақсадидамиз!

*  * *

ЯНА БИР ХАБАР

Бир неча кун аввал “Ташаббус гуруҳи” номидан Дилмурод Саййид ва Аъзам Формоновнинг “Ана, холос!” рукни остида “ПРЕЗИДЕНТ АФВИДАН КЕЙИНГИ АҲВОЛ” (ЖАСЛИҚдаги масъулларнинг лоқайдликлари ҳақида ИККИ сўз!) сарлавҳали мақоласи эълонланган эди. Унда:

Ўзбекистоннинг “ОСВЕНЦЕМ”и ҳисобланиб келинган УЯ-64/71-сонли ЖИЭК-Жаслиқ муассасасидан 13 июн куни озод этилган чет эл фуқаролари:

УБАЙДУЛЛАЕВ Мавлон Муратович -1991 йили туғилган, 2 йилу 2 ойдан ортиқроқ жазо ўтаган, Қирғизистон Республикаси фуқароси;

ХАСАНОВ Эгамберди Камолович- 1982 йили туғилган, 3 йилу 9 ойга яқин жазо ўтаган, Россия Федерацияси  фуқароси ҳозиргача уйларига кета олмай, Қўнғирот шаҳрида- темир йўл вокзали рўпарасидаги кафега қарашли меҳмонхонада ўтиришибди.

Уларнинг таъкидлашларича, Жаслиқ қамоқхонаси ходимлари ҳар иккисини Қўнғиротга келтириб, ИИБга топшириб кетишган. ИИБда эса, Баҳодир исмли лейтенант уларнинг ҳужжатлари билан шуғулланаётган эмиш… Ҳар икки собиқ маҳкумга фақат йигирма минг сўмдан йўл пули берилганлиги баёнланганди. Шундан сўнг мазкур муаммони ҳал этиш учун журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова ҳам ёрдамга келди. Муаммо ижобий ҳал қилиниб, мамлакат Президенти АФВига мувофиқ озод этилган ҳар икки чет эл фуқаросининг зарур ҳужжатлари зудлик билан Қўнғирот ички ишлар масъуллари томонида тегишли қонун талаби доирасида тайёрланиб,      М. Убайдуллаев ва Э. Хасанов ўз Ватанларига жўнаб кетдилар.

Саид КАМОЛ,

“Ташаббус гуруҳи” аъзоси,

Тошкент шаҳри, 22.06.2018 йил.

About HIMOYAUZ 372 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*