ПРОКУРАТУРАМИ ЁКИ МАСХАРАБОЗЛАР КЛУБИМИ?

ПРОКУРАТУРАМИ ЁКИ МАСХАРАБОЗЛАР КЛУБИМИ?

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ

О. Б. МУРОДОВГА  ОЧИҚ ХАТ!

Муҳтарам Бош Прокурор!

 

Мен оилам- рафиқам Жуманова Барно ҳамда қизим Саидова Рухшонанинг ўлими билан боғлиқ  2009 йил 5 ноябр куни юз берган фожиали автоҳалокат юзасидан шу йил 3 май куни Сизнинг номингизга ШИКОЯТ ХАТИ йўллаган эдим.

ШИКОЯТ ХАТИ 2018 йил 19 май куни 12/22-18-3922-сон ҳамда А. ХОЛОВ имзоси билан ”Мурожаатни юбориш ҳақида”ги таъкид қўйилиб, Сирдарё вилоят прокурори Р. Р. МАШАРИПОВга йўналтирилган.

“Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О. МУРОДОВга ёзилган ШИКОЯТ ХАТИ” бўйича 31 май 2018 йил № 12/209-18-406-2018-сон ҳамда Сирдарё вилоят прокурори ўринбосари У.И. КУРЯЗОВ имзоси билан ҳамда Бош Прокуратура Бошқарма бошлиғи И. Х. ИСКАНОВ имзоси ва 2018 йил 02 июнь №12/879-18-4147-сон қўйилган жавоб хатларини олдим.

Мен бу ўринда ўз ШИКОЯТ ХАТИмда нималарни таъкидлаганлигим ва жавоб хатларида қандай эътирофлар келтирилганлигини бирма-бир санаб ўтиришга эҳтиёж сезмадим. Чунки мен йўллаган ШИКОЯТ ХАТИ Бош Прокуратурада мавжуд, жавоб хатлари нусхалари ҳам сақланган бўлса керак. Фақат айтишим мумкинки, атиги бир варақдан салгина ортиқ бўлган ўз ШИКОЯТ ХАТИмда БЕШТА аниқ эътирозни келтирганман.

Олган жавобларимда эса, мен таъкидлаган жиҳатлар буткул четда қолиб, мен учун мутлақо қизиғи ҳам, аҳамияти ҳам бўлмаган жумлалар жамланган, холос!

Тўғриси, бу жавобларни олий маълумотли юрист, Прокуратура тизимининг масъул мансабдорлари йўллаганлигига шубҳаландим. Бундай тескари ва кулгили ҳаракатларни фақат Циркдаги масхарабозларгина амалга ошириши мумкин!

Мен ҳам олий маълумотли, анчайин таниқли аналитик-мақоланавислардан ҳисобланаман. Шу боисдан  мамлакат Прокуратура тизимидаги аҳволотни ҳам тушунаман: кейинги ЎН БЕШ йил давомида фақат КОРРУПЦИЯлашишга ихтисослашган, мансабу мақоми нарх билан ўлчаниб, фоҳишадек савдога қўйилиб келган бу соҳа нуфузи бир ярим-икки йил ичида покланиб, Прокурорларнинг халқ билан юзма-юз мулоқотга киришиб кетиши анчайин қийин кечади! Зеро, Ўзбекистон Президенти Ш. М. МИРЗИЁЕВ таъкидлаганидек, “ҒЎДДАЙГАН ПРОКУРОРЧАЛАР”нинг  “порахўрор”ликдан ҳақиқий ПРОКУРОРЛИК мақомига қайтишлари учун мен каби қанчадан-қанча АРИЗАнависнинг асаби титилиб, сочи оқариши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир!

 

Муҳтарам Бош Прокурор!

 

Балки ушбудаги эътирофларимни қайси бир Прокуратура ходими ҳақорат,  деб ҳам депсиниши мумкин. Бироқ мен томонимдан “Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О. МУРОДОВга ёзилган ШИКОЯТ ХАТИ”ни унга берилган 31 май 2018 йил № 12/209-18-406-2018-сонли Сирдарё вилоят прокурори ўринбосари У.И. КУРЯЗОВ имзоси билан ҳамда 2018 йил 02 июнь №12/879-18-4147-сон ва Бош Прокуратура Бошқарма бошлиғи И. Х. ИСКАНОВ имзоси қўйилган жавоб хатларига солиштириб кўрса, КИМ КИМни ҳақоратлагани кундек равшан бўлади.

Фақат буни фарқлаш учун озгина фаросат ва холислик топилса кифоя!

 

Муҳтарам Бош Прокурор!

 

Асли бу масалада Сирдарё вилоят прокуратурасига бориб, вилоят прокурори ўринбосари жаноб У. И. КУРЯЗОВ билан ҳам аризачи, ҳам журналист сифатида гаплашишни режалаштирган эдим. Бироқ прокуратура ҳудудига видеоаппарат ёки видеокамерали телефон билан киритилмаслик қоидаси мавжуд экани мени бундай учрашувдан тўхтатди.

Шу ўринда савол туғилади: Прокуратурага хос бу қоида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 29-моддаси таъкидига қанчалар мувофиқ?

 

Муҳтарам Бош Прокурор!

 

Мен ўзим томонимдан ёзилган ва 3 май 2018 йил “Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О. МУРОДОВга ШИКОЯТ ХАТИ” бўйича Бош Прокуратурадаги масъуллардан қонунда белгиланган тартибда ҳамда асослантирилган тарзда жавоб кутиб қоламан!

 

Дилмурод САИДОВ,

Тошкент шаҳри.

25.06.2018 йил.

 

About HIMOYAUZ 372 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*