МХХ ПОДПОЛКОВНИГИ АДОЛЛАТСИЗЛИК ҚУРБОНИ БЎЛГАН…МИ?

(Ўғлимга қийноқ қўллаган – ОТАХОНИНГ ИНТЕРВЬЮСИ… 80 ёшли отахон Хурсанд суванов собиқ МХХ подполковниги бўлган ўғли маҳкум Баҳром Сувановга қўлланилган қийноқлар хусусида гапиради)
Узоқ Cурхондарёнинг тоғли ҳудудидан 80 ёшли отахон ўз алпомишининг аянчли тақдири ҳақидаги ҳақиқталарни мамлакат президентига етказишда, кўнгил нолаларини матбуотга чиқаришда кўмак сўраб келганларида Хурснад ота Сувоновнинг изтиробларига, 20 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўғли – МХХ подполковниги Баҳром Сувановнинг тақдирига лоқайд қараб тура олмадим.
Тўғри, олдинги МХХ ходимлари биз мустақли журналистларни, инсон ҳуқуқлари фаолларининг эзгу мақсадларни нотўғри талқин қилишлари ортидан мунтазам равишда бизга айғоқчи-ю тузоқлар қўйиб юрган, биз эса ҳамиша кутилмаган зарбалардан ҳимояланиб, юрак ҳовучлаб яшашимизга тўғри келган…
Бироқ, бу биз мустақли журналитслар, инсон ҳуқуқлари фаоллари МХХ тизимига ёвмиз, биз уларга қаршимиз дегани эмас.
Касбнинг яхши, ёмони бўлмайди. Айниқса, миллат ва мамлакат хавфсизлигига масъулиик бу юксак масъулият бўлиши билан бир қаторда фахр, ифтихор ҳам. Ўз халқининг, ўз Ватанининг, ўз миллатининг хавфсизлигига жавобгарлик энг шарафли ва шонли юмуш аслида. Агарда ходим бу юмушни виждонан уддалаётган бўлса, албатта….
Қолаверса, бу ерда гап инсоннинг касбида ҳам эмас, ўша касб эгасининг кимлигида.
Биз бугун собиқ МХХ тизимидаги барча ходимларни ёмонга чиқариб, барчасининг исми устига бирдек қаро чизиқ тортиб юбора олмаймиз….
Зотан, биз тан оламизми, йўқми, МХХ ходимлари орасида ҳалол, ўз ишига содиқ, виждонли инсонлар ҳам кўп бўлган. Улар ҳам ўз элимизнинг таянчи, Хурсад ота кабиларнинг ҳаёт қувончи, ўзбегимнинг боласи бўлган, бизга бегона эмас…
Хўш, Хурсанд отанинг 42 ёшли ўғли Баҳромжон Суванов ким эди?
(Хурсанд ота интервьюси қўйилади)
Мен отахоннинг айнан мана шу сўзларига аниқлик киритиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизмати подполковниги Баҳромжон Сувановнинг хонадонида бўлдим. Мана бу мурғак гудак отаси қамалиб қолганида онаси қорнида 3 ойлик гумона эди….. Бу ширинтой туғилганидан бери ҳали ўз отасини бир бор ҳам кўрган эмас…. Майли, сиз гўдакка аҳамият бермай қўя қолинг. Бироқ, далилларни назардан четда қолдирмасак дегандим. Гўдак ётган ўша, ўзимзи ҳам болалигимизда ором олган қалампирнусха читдан тикилган қишлоқ кўрпачасини кўринг…. Бу гўдак Баҳромжоннинг тўртинчи фарзанди – ҳали ўзи бир бора ҳам дийдорини кўрмаган қизалоғи…

Тошеннт шаҳрининг Сирғали даҳаси, Спутник, 17-мавзеси, 12 “А” уйга борганимда кимсан Республика Миллий хавфсизлик хизматининг нуфузи лавозимларида ишлаган ва кейинги йилларда Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси “Контрабандага қарши кураш” Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 1- бошқарма бошлиғи лавозимиларида жонбозлик кўрсатган амалдорнинг – Баҳром Сувановнинг МХХ ходимлари учун махсус қурилган 3 хонали “дом”да ниҳоятда оддий, етар-етмас бўлиб яшашини кўриб, кўзларимга ишонмадим: “Умри бўйи Республика МХХ идорасида, Республика Божхонасида “Контрабандага қариш кураш” бўлимида ишлаган МХХ подполковниги наҳотки шу тарзда оддийгина умргузорлик қлиган бўлса?” деган ўй ўтди кўнглимдан…. Ҳаво ниҳоятда иссиқ ва дим эди. Таббиийки, мен уй соҳибасидан конденционерни қўшиб қўйишини сўрадим. Ўшанда билдимки, бу хонадонда конденционер тугул ҳатто меникида бор – ўша оддийгина “вентилятор” ҳам йўқ экан. Мен МХХ ходими Нодир Тўрақуловга тегишли мулк биноларида тинтув ўтказилган кезларида Тўрақуловнинг тонналаб долларларини, тилла буюмларни юк машиналарига юклашганларини интернетдан кўрганим бор эди… Баҳром Сувановнинг яшаш шароитини Турақуловнинг шоҳона ҳаёти билан таққосларканман, ниҳоятда таажжубда эдим.
Ҳа, ишониш қийин, аммо ўзингиз кўринг, дастурхон устида қўлбола тегирмоқда тарлқон қилинган буғдой унидан ўзбек тандирида ёплиган қорамағиз тегирмон нон турарди.
(Хурсант отанниг интервьюси қўйилади)
Хурсанд отанинг сўзларини тингларканман, наҳотки 2016 йилнинг март ойларида Афғонистон орқали Ватанимизга сал кам ярим тонна наркотик моддаси кириб келган бўлса, дея қулоқларимга ишонолмай қолдим. Ярим тонна—я? Ахир бу кам нарса эмас, қоп-қоп дегани эмасми? Юртимиз сарҳатларига чегара қўшинларидан ҳатто қуш ҳам учиб ўта олмайдиган бир пайтда ярим тонна наркотик модда қандай қилиб Сурхондарё заминига ўтиб қолди экан?
Балки, 405 килограм эмасдир, эҳтимол, кекса отахон адашаётгандир, деган каби шубҳаларимга маҳкум Баҳромжон Сувановнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қамоқхонадан ёзган шикоят аризаларининг мазмуни барҳам берди:
Маҳкум, айни дамда собиқ МХХ подполковниги Баҳромжон Суванов Президентимзига йўллаган шикоят хатда мазкур наркотик моддаси билан боғлиқ воқеалар хусусида жумладан мана шундай деб ёзади:
“… Шундан сўнг полковник Ўктам Сувонов 2016 йилнинг октябрь ойидан 2017 йилнинг мартига қадар 405 кг 291 гр опей ва 644, 61 грам гашиш наркотик моддаларига атайлаб жиноят иши қўзғатмасдан миллий хавфсизлик хизмати идоралари статистикасини суъний ушлаб туриш мақсадида пайслага солиб, ўзи бўларчилик ва кўзбўямчилик қилиб сақлаб турди.
… Ўз ўрнида мен 2016 йилнинг октябр ойидан токи 2017 йилнинг март ойига қадар бир неча бор Ўктам Сувоновга қайд этаман наркотик моддаларига жиноят иши қўзғатиш масаласида учраганман. Шу билан бирга подполковник Раҳматов Акмал ва подколковник Шодиев Ҳайдарлар билан биргаликда Ўктам Сувоновга ушбу масала юзасидан учраб, тайинли бир жавобни ололмаганмиз. Мен подполковник С. Аҳмедовга ҳам Ўктам Сувоновни шахсан ўзи наркотик моддаларни жиноят иши қўзғатмасдан сақлаб турганлигини айтганман. 2016 йил 18 мартдан 2017 йил 5-май кунига қадар эса МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходими подполковник Енсенбаев Абдурайим омборхонада вақтинчалик сақланаётган 405 кг 291 гр. Опей ва 644, 61 гр. гашиш моддаларини экспертизадан ўтказмади ва Тошкент шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати хўжалик бошқармаси омборхонасига жўнатиш масаласини атайин бажармаган.
… Ўз вақтда МХХ раисининг 1-ўроинбосари Шуҳрат Ғуломов лавозимидан бўшатилганлиги сабабли унинг ишончли шотирлари полковник Назаров Рустам, полковник Эгамбердиев Илҳом, полковник Тошпўлатов Шуҳрат, полковник Тўрақулов Нодир, полковник Ачилов Анвар, полковник Якубов Фарҳод, полковник Сувонов Ўктам ва “Ғуломовчилар”нинг бошқа аъзолари МХХнинг юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллаш, ўзларини жонларини ҳамда коррупциядан орттирган бойликларини, шунингдек, безнисларини сақлаб қолиш учун кураш бошладилар.
Шу қаторда ўзларининг, Шуҳрат Ғуломовнинг қаноти остида содир этилган коррупция, порахўрлик, таъмагирлик, фирибгарлик, талончилик, қотиллик, босқинчилик, наркотрафик ва бошқа оғир, ўта оғир жиноятларини очилиб кетишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Респубилкаси Президенти Шавкат Мирзиёевни алдаш, шунингдек, жамоатчилик фикрини чалғитиш мақсадида “фитна” ишлаб чиқишган.
Бу “фитна”да Рустам Назаров ва Нодир Тўрақулов раҳнамолари бўлмиш Шуҳрат Ғуломовга нисбатан прокуратура органлари жиноят иши қўзғатмасидан аввал МХХ идоралари Жиноят Кодексининг ўз ваколати доирасидаги моддалари билан жиноий иш очишни сўнгра МХХ тергов бошқармасида гуруҳнинг ёш аъзолари Жўраев Мажид, “Қобил”, Сиддиқов Рустам, С. Веселов, “Марат”, Зуфаров Аҳмадлар томонидан тергов олиб боришни ҳамда шу йўл билан ўзларининг жиноятлари чиқиб кетишини (ошкор бўлишини демоқчи – муаллиф изоҳи) олдини олиш мақсадлари бўлган.
Шу қаторда Рустам Назаров, Нодир Тўрақулов, Ф. Якубов ва бошқалар ўзларини Шуҳрат Ғуломовни қаматган ходимлар сифатида кўрсатиш ҳамда гуёки МХХнинг идораларидан “Ғуломовчиларни” тозалаётгаанн кишилар сифатида кўратишиб, аслида “сохта обру” ишлаб олиш баҳонасида ҳукумат раҳбариятининг ишончига кириб олиш бўлган.
Шундан кейин мени “Ғулолмовчилар” гуруҳига умуман алоқам бўлмаса-да ташкил қилган қонуний тадбиримни сохта ва ёлғонга чиқаришиб, менга сўнгра подполковник Қўзиев Санжар, полковник Ибрагимов Нодир, полковник Қурбонов Нодирга ва Шуҳрат Ғуломовга боғлашди, ҳамда жиноят … иши қўзғатишди.
Тергов жараёнида Нодир Тўрақлуов, Рустам Назаров, Ф Якубов, М.Жўраев, “Қобил”, Сиддиқов Р., А. Весилов ва “Марат”лар Президент Шавкат Мирзиёевни алдаш ва чалғитиш учун мени тадбиримга “сиёсий” тус беришга ҳаракат қилишди.
(Маҳкумнинг онаси ва рафиқаси, отасининг интервьюлари берилади)

МУАЛЛИФ ЖУРНАЛИСТ: Баҳромжон Сувановнинг ўз қўллари билан қамоқхонадан муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичга ёзган шикоят аризаларининг қўлёзмасига кўз югуртирсангиз, янада ҳайрату даҳшатга тушишингизга шубҳа йўқ.
Аммо биз бугун эмас, Баҳромнинг қўлёзмаларига видеорепортажимизнинг 2-сонида батафсил тўхталамиз.
Бироқ бугун демоқчи бўлганим боршқа: Тушуниб турибман, қўл уришга журъат этган мавзуимиз ўта жиддий ва кенг қамровли иш, айтиш мумкин бўлса, улкан ўйниларга асосланган “жиноят иши”.
Мен қозилик қилиш фикридан мутлақо йироқман.
Фақат айтмоқчи бўлганим шуки, мен журналистман. Менинг вазифам фақатгина жабирдийда инсон ҳуқуқлари фаолларининг аянчли тақдирлари, ҳуқуқлари бузилаётган фермерларнинг ҳақлари, яланғоч қилинаётган аёлнинг қаро қисмати хусусида ҳикоялар ёзиш эмас.
Менинг энг асосий бурчим ва юмушим, ким бўлишидан ва қай лавозимда ўтиришидан қатъий назар ҲАҚ истаган одам оҳини Халққа етказиш….
Ўзинггиз ўйлаб кўринг, гнерал Шуҳрат Ғуломовнинг қора қилмишлари ортидан унинг 100 лаб гумашталари жиноий жавобгарликка тортилгани ҳаммамизга аён. Айни дамда босар-тусарини билмай қолган юзлаб собиқ миллий хавфсизлик хизмат ходимлари қамоқхоналарда ўзларининг жиноятлари учун жавоб беришмоқда.
Бироқ, ўша панжара ортида ўтирган юзлаб МХХ ходимларидан шу чоққача қай бирининг “адолат сўрайман!” деган овозини эшитган эдингиз?
Бирортаси, “Мен Ғуломовчи эмасман! Менга туҳмат қилишди! Айбсиз айбдор бўлиб қолдим!” дея арз-дод қилдими? Қилолдими?
Йўқ!
Чунки “Ғуломовчилар”нинг аксарияти ўз қилмишларининг оқбиатларини яхши биларди ва айни дамда жазосини тортиб ётишибди.
Бироқ “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганларидек, МХХ тизимини “Ғуломовчилардан” тозалаш жараёнида кимдир қасддан ҳақсизлик қурбони бўлиб кетган бўлиши мумкинми, йўқми?
Айни дадма 20 йилга озодликдан маҳрум этилган, ҳаёти билан бирга орзу умидлари ҳам чил-чил синган, қамоқда ўтирган 42 ёшли МХХ подполковниги Баҳром Суванов “Мен “Ғуломовчи эмасман! Мен “фитна”нинг қурбони бўлдим” дейишга ўзида қаердан, қандай қилиб журъат топди экан? Унга бунингдек журъатни, бунингдек кучни ким берди экан?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг адолатпарвар эканлигига бўлган ишонч Баҳромжонга куч, умид бермадимикан?
Акс ҳолда зонада ўтирган бир пайтида ҳали ҳам МХХ идораларида оёқлари ҳамон узангида бўлган айрим амалдорларнинг номларини тилга олишдан қўрққан, аксарият ҳамкасблари каби пусиб ўтирган бўларди.
Менимча шундай.
Аммо нега Баҳром қўрқмади, ҳайиқмади?!
Айни дамда Баҳром Сувонов зонада. Уни қудратли кучларнинг қўллари исталган пайтда бўғзидан олиши, ҳаётига нуқта қўйиши ҳеч гап эмас! Ҳақиқатни тан олиб айтадиган бўлсак, одам унини ўчиришнинг зонада минг битта тури, усули бор!
Ана шундай хатар ичида бўла туриб давлат раҳбарига бўлган ишонч Бахромнинг қалбида оқланиб чиқишига умид уйғотмоқда!
Майли, келинг, тахмин қилиб кўрайлик: Сурхондарёнинг узоқ қишлоғидан келган тоғлик йигит туҳматга қолган бўлиши мумкинми, йўқми?
Ахир халқимиз бежизга “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан асрасин” деган эмас.
Кўрдингиз, 42 ёшли Баҳромжон Сувановнинг на зари, на зўри бўлган. 4 боласи билан ҳукумат берган уйда ўтирган. Ота-онаси эса оддий одамлар…. Оддийгина оила… Ҳалқ тили билан, деҳқонча қилиб айтганда “орқаси” йўқ. Қайнотаси бош прокурор ҳам бўлмаган…..
Эътибор беринг, Баҳром Сувонов 2017 йилнинг 19 май куни Нодир Тўрақулов томонидан хибс этилмоқда, жиноят иши қўзғатилмоқда. Қамоққа равона қилинмоқда!
Тинтув чоғида Нодир Тўрақуловдан чиққан молу-дунёни кўрдингиз, ҳисоби йўқ.
Мен бу бойлигу бисотнинг, бу даста-даста долларларнинг бир пачкаси қишлоқнинг ишдан ўзгасини билмайдиган Баҳромжон каби “тиргаги” йўқ подполковниклардан 10 тасини ўз ўрнига қурбон қилиб юборишга қурби етишига ишонаман!
Тўрақуловдан чиққан мана бу АҚШ кўкатларининг бир тахлами мана ман деган қозининг ҳам кўзини кўр, қалбини сўқир қилиб қўйишига шубҳа йўқ…
Баҳромжон ўша пайтлардаги бош прокурор куёвининг ўрнига қамоққа кириб кетмаганмикин ишқилиб деган шубҳа кемиради кўнгилни?….
Янаям ким билсин, бу менинг шахсий фикрларим эди холос… Ўйлайманки, сиз менинг фирларимга қўшиласиз….
Ўзингиздан қолар гап йўқ, такрорлайман, бу ҳаёт! Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин!
Демоқчи бўлганим, Энг муҳими, биз айбдорни жазолашга ҳамиша улгурамиз!
Бироқ, ҳар бир шахснинг ўз ҳимояланиш ҳуқуқи бор!
“Модомики, инсон “Айбсизман!” дер экан, фикру ожизимча, нимагадир ишонган ва нимадандир умид қилган одамга ўзини оқлаб олиши учун ҳамиша ҳам лоақал бир бор бўлса-да имкон берилиши керак деб ўйлайман!
Токи ҳеч бир одам боласи бу дунёдан армон-ла ўтмасин, орамиздан норизо кетмасин, ишончлари ўлмасин….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари фаоли

About HIMOYAUZ 372 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*