АДОЛАТНИ ТИКЛАШ  МАВЗУИДАГИ ҲАМКОРЛИК  УЧРАШУВИ

  • Қисқа  сатрларда!

АДОЛАТНИ ТИКЛАШ  МАВЗУИДАГИ ҲАМКОРЛИК  УЧРАШУВИ

30 июнь куни пойтахтдаги “РАМАДА” меҳмонхонаси конференциялар залида Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа ва Марказий Осиё бўлими ташаббуси билан “Қийноқларни бартараф этиш, ноҳақ судловлар жабрдийдаларини реабилитация қилиш”га қаратилган ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳ. ВИЛЛАМСОН, тадқиқотчи Стив СВЕРДЛОУ, “Адолатни қарор топтириш ташкилоти Ташаббус гуруҳи” етакчиси ва аъзоларидан Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, Аъзам Формонов, Самандар Қўқонов, Саид Камол; таниқли журналист ва аналитиклардан Муҳаммад Бекжон, Бобомурод Абдуллаев, Эркин Мусаев, Аҳмаджон Мадумаров ва ноҳақ судловлар жабрдийдалари оила аъзолари вакиллари иштирок этдилар.

Давра столи суҳбати тарзида олиб борилган йиғилишда эътибор Ўзбекистоннинг ҳозирги янги даврга ўтаётган жараёнларида мамлакатда Инсон ҳуқуқларига муносабатларни янгилашга қаратилди. Жумладан:

  1. Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти (HRW) ҳамда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш.
  2. “Қийноқларни бартараф этиш, ноҳақ судловлар жабрдийдаларини реабилитация қилиш” борасида таклифлар масаласида қилинаётган ва келгусида режалаштирилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Адолатни қарор топтириш ташкилоти Ташаббус гуруҳи” томонидан айнан ноҳақ судловлар жабрдийдалари масаласида конкрет таклифлар ишлаб чиқилганлиги; мазкур таклифларда эътибор:

  1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига  Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва мамлакат Конституцияси принципларига асосланган тарзда:

а) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун қонун доирасида барча шароитлар билан таъминланади;

б) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум, уларнинг яқинлари ўз хоҳиш-ларига кўра касбидан қатъий назар Ишончли вакил тайинлаш ҳуқуқига эга;

в) ишончли вакил шахси ва “Ишончнома” нотариал тасдиқланиши фаолият кўрсатиш учун асос ҳисобланади;

г) адвокат ёллаганлик мазкур ҳуқуқни чеклашга ҳамда ишончли вакил фаолиятига чегара қўйилишига сабаб бўла олмайди

деган мазмунда қўшимча киритилиши бугунги куннинг муҳим талаби бўлиб турибди. Шунингдек, “Ишончли вакил”нинг  ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун билан аниқ белгилаб қўйилиши кераклигига;

  1. Фақат “КЕРАК БЎЛГАНИ УЧУН” ёки айблов шиширилиб, адоват туфайли қамалганлар айнан ноҳақлик сабаб соғликларидан, йиллаб озодликларидан маҳрум бўлдилар ва бу йўқотишларни қайтаришнинг ҳеч бир имкони йўқ! Бироқ ИНСОН учун соғлик ва умрдан-да қимматлироқ неъмат бор, бу-шаън, қадр-қиммат! Инсон умри ва соғлигини ШАХСИЙ бойлик деб ҳисобласак, Унинг шаъни, қадр-қиммати, аввало, бутун насли-келажак авлоди учун маънавий мерос ҳисобланади! Ҳар бир Инсон ўзидан кейин яхши ном ва амал қолдиришни истайди, шунга интилади!

Ноҳақлик қурбони бўлиб, суднинг ҳукми билан гарчи адолатсиз жазога тортилган бўлсин, бу- истаймизми-йўқми тамға бўлиб туравериши аниқ. Бу тамғани фақат ва фақат АДОЛАТнинг тикланиши ювиб ташлаши мумкин! Шу нуқтаи назардан ҳам бу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли-МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ! Бу (рамзий маънода!) Комиссия таркибига Адвокатлар, прокурорлар, судьялар билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ мамлакатдаги нодавлат ҳамда Халқаро  ташкилотлар вакиллари ҳам киритилишларига;

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятини айбловлар таркибига қараб гуруҳлантириш: ижод ва ҳуқуқ соҳаларидаги фаолияти учун таъқибга олиниб, уйдирма айблов билан ҳукм қилинган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркиби Диний йўналишдаги фаолияти учун қамалган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркибидан фарқланиши табиий!

Шунингдек, ҳарбий судлар томонидан судланган шахсларга оид ишларни ўрганиш борасида ҳам алоҳида таркиб ва малакага эга комиссия фаолияти талаб этилиши аниқ;

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятида самарадорликни кафолатлаш ва ошириш учун мамлакат вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон марказларида малакали юристлардан иборат (худди халқ қабулхоналарига ўхшаш!) ҳайъатлар ташкиллаштириш зарурлигига қаратилганлиги таъкидланди.

Адолатни қарор топтириш ташкилоти Ташаббус гуруҳи” томонидан киритилган таклифлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Палаталари тегишли қўмиталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил-ОМБУДСМАН томонидан ҳам ижобий баҳоланаётганлиги хусусида маълумотлар айтилди.

Қизғин мунозараларга бой ушбу дўстона ва ҳамкорлик асосида ташкиллаштирилган учрашувда иштирокчилар тарафидан Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилоти (HRW) ҳамда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш масаласига қаратилган бир қатор эътиборли таклифлар билдирилди.

Саид КАМОЛ,

Адолатни қарор топтириш ташкилоти

Ташаббус гуруҳиаъзоси.

Фотоларда: Ҳамкорлик учрашувидан лавҳалар.

About HIMOYAUZ 372 Articles
Mustaqil jurnalist va inson huquqlari himoyachisi

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*